Welcome to АО "Toshkent qishloq xo’jalik mahsulotlari ulgurji bozori"   Click to listen highlighted text! Welcome to АО "Toshkent qishloq xo’jalik mahsulotlari ulgurji bozori" Powered By GSpeech

«TOSHKENT QISHLOQ XO'JALIK MAHSULOTLARI ULGURJI BOZORI»

Акционерное общество

Umumiy yigilish nizomi / Положение об общем собрании (2021)

I. Умумий қоидалар

 

1.1. Мазкур Низом «TOSHKENT QISHLOQ XO'JALIK MAHSULOTLARI ULGURJI BOZORI» Aksiyadorlik jamiyati(бундан буён матнда Жамият деб юритилади) акциядорлари Умумий йиғилиши мақомини белгилайди ва унинг ишини, уни ўтказиш ва қарорлар қабул қилинишини тартибга солади.

1.2. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 6-майдаги 370-сон «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ҳамда Жамият Уставига мувофиқ ишлаб чиқилган.

1.3. Жамият ҳар йили акциядорларнинг умумий йиғилишини (акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини) ўтказиши шарт.

1.4. Акциядорларнинг йиллик Умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади.

 Акциядорларнинг йиллик Умумий йиғилишида Жамиятнинг Кузатув кенгашини ва Тафтиш комиссиясини сайлаш тўғрисидаги масалалар ҳал этилади, Жамиятнинг йиллик ҳисоботи ва Қонунда белгиланган бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилади.

Жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эгалик қилувчи акциядорлар (акциядор) Жамиятнинг молия йили тугаганидан кейин ўттиз кундан кечиктирмай акциядорларнинг йиллик Умумий йиғилиши кун тартибига масалалар киритишга ҳамда Жамият Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссиясига бу органнинг миқдор таркибидан ошмайдиган тарзда номзодлар кўрсатишга ҳақли.

1.5. Акциядорларнинг йиллик Умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган Умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.

Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши Жамият Кузатув кенгашининг қарорига кўра унинг ўз ташаббуси асосида, Тафтиш комиссиясининг ёзма талаби, шунингдек ёзма талаб тақдим этилган санада Жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) ёзма талаби асосида ўтказилади.

1.6. Акциядорларнинг Умумий йиғилишини ўтказиш санаси ва тартиби, йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар бериш тартиби, акциядорларнинг Умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик вақтида акциядорларга бериладиган материалларнинг (ахборотнинг) рўйхати Жамиятнинг Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

Акциядорларнинг Умумий йиғилиши ўтказиладиган сана уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кам ва ўттиз кундан кўп этиб белгиланиши мумкин эмас.

2. Акциядорлар Умумий йиғилишининг ваколатлари ва қарорлари

2.1. Акциядорлар Умумий йиғилишининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

Жамият Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки Жамиятнинг янги таҳрирдаги Уставни тасдиқлаш, Жамият Уставига Жамиятнинг Устав фондини акцияларнинг номинал қийматини ошириш йули билан кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бундан мустасно;

Жамиятни қайта ташкил этиш;

Жамиятни тугатиш, тугатувчини тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

Жамият Кузатув кенгашининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

Жамиятнинг Устав фондини камайтириш;

ўз акцияларини олиш;

Жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;

Жамият Тафтиш комиссиясининг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

Жамият акциядорларнинг Умумий йиғилиши тўғрисидаги, Кузатув кенгаши, Директори ва Тафтиш комиссияси тўғрисидаги уларнинг фаолият тартибини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек Жамиятнинг мазкур органлари томонидан қарорлар қабул қилиш тартиб-таомилини белгиловчи низомларни тасдиқлаш;

Жамиятнинг йиллик ҳисоботини;

Жамиятнинг фойдаси ва зарарларини тақсимлаш;

Жамият Кузатув кенгашининг ва Тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан Жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан Жамият Кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва Тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;

имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисида Қонунда ва мазкур Уставда назарда тутилган қарорни қабул қилиш;

акциядорлар Умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш;

акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;

Қонунда назарда тутилган ҳолларда Жамият томонидан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

Акциядорлар Умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар Жамиятнинг Директорига ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас.

Акциядорлар Умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар Жамиятнинг Кузатув кенгаши ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас.

2.2. Акциядорларнинг Умумий йиғилишида овозга қўйилган масалалар бўйича қуйидагилар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади:

Жамиятнинг оддий акциялари эгалари бўлган акциядорлар;

Қонунда ва мазкур Уставда назарда тутилган ҳолларда Жамиятнинг имтиёзли акциялари эгалари бўлган акциядорлар.

2.3. Овозга қўйилган масала бўйича акциядорлар Умумий йиғилишининг қарори, агар Қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, Жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгалари бўлган, йиғилишда иштирок этаётган акциядорларнинг кўпчилик (оддий кўпчилик) овози билан қабул қилинади.

2.4. Қуйидаги масалалари бўйича:

Жамият Уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги Уставини тасдиқлаш, Жамият Уставига Жамиятнинг Устав фондини акцияларнинг номинал қийматини ошириш йули билан кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бундан мустасно;

Жамиятни қайта ташкил этиш;

Жамиятни тугатиш, тугатувчини тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

Жамият Кузатув кенгашининг ва Тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан Жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан Жамият Кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва Тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;

Қонунда назарда тутилган ҳолларда Жамият томонидан битимлар тузиш тўғрисида қарор акциядорлар Умумий йиғилиши томонидан акциядорларнинг Умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан қабул қилинади.

2.5. Акциядорларнинг Умумий йиғилиши кун тартибига киритилмаган масалалар бўйича қарор қабул қилишга, шунингдек кун тартибига ўзгартишлар киритишга ҳақли эмас.

2.6. Агар акциядор узрли сабабга кўра акциядорларнинг Умумий йиғилишида иштирок этмаган ёки бундай қарор қабул қилинишига қарши овоз берган бўлса, у акциядорларнинг Умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилишга ҳақлидир.

3. Умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқи, акциядорларни ва уларнинг ваколатли вакилларини рўйхатдан ўтказиш

3.1. Акциядорлар Умумий йиғилишини ўтказиш расман эълон қилинган кунгача уч иш кунда шакллантирилган Жамият акциядорлари реестрида қайд этилган акциядорлар акциядорларнинг Умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

3.2. Жамият акциядорларининг шакллантирилган реестрига ўзгартиришлар фақат реестр тузилган санада кўрсатиб ўтилган реестрга киритилмаган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган ёки уни тузишда йўл қўйилган хато тузатилган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда киритилиши мумкин.

3.3. Акциядорларнинг Умумий йиғилишида Жамият акциядорлари реестрида қайд этилган уларнинг ваколатли вакиллари, Жамият аудитори, Жамият Кузатув кенгаши аъзолари, Директори, Жамият Тафтиш комиссияси аъзолари ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга бўладилар (Кузатув кенгашни ва Жамият Тафтиш комиссияни сайлаш бўйича овоз бериш бюллетенига киритилган номзодларни, ҳам таклиф этиш тавсия этилади).

3.4. Умумий йиғилишда қатнашиш учун акциядорлар ёки уларнинг ваколатли вакиллари йиғилиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган жой ва вақт бўйича рўйхатдан ўтишлари керак.

3.5. Умумий йиғилишда қатнашиш учун келган жисмоний шахслар бўлган акциядорларни рўйхатдан ўтказиш паспорт ёки акциядорнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат кўрсатилгач, вакилга нисбатан эса нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома кўрсатилгач амалга оширилади.

3.6. Юридик шахс раҳбари Жамият акциядори Умумий йиғилишдаги ўз ваколатларини лавозимга тайинлаш тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжат ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида амалга оширади.

3.7. Акциядор юридик шахснинг вакили Акциядорлар Умумий йиғилишида ташкилот раҳбарининг имзоси билан ёки бунга таъсис ҳужжатлари билан вакил қилинган бошқа шахснинг имзоси чекилган, ушбу ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланган унинг номига берилган ишончнома мавжуд бўлган тақдирда қатнашиши мумкин.

3.8. Жамият акциядорлари реестрига биноан 1-иловага мувофиқ шакл бўйича қайд этиш рўйхати тузилади.

Қайд этиш рўйхати рисола ҳолига келтирилган, тартиб рақами қўйилган, ип ўтказиб тикилган ва акциядорлик жамияти муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.

3.9. Умумий йиғилишни ўтказишда акциядорлар (уларнинг вакиллари) қайд этиш рўйхатига имзо чекадилар ва овоз бериш учун бюллетенларни (2-иловада кўрсатилган шакл бўйича) оладилар.

3.10. Агар йиғилиш қатнашчиси бир ёки бир неча акциядорнинг манфаатларини ифодалашга ишончнома (3, -иловалар) тақдим этса, у ҳолда унга у ифодалаётган акциядор (акциядорлар) учун овоз беришга бюллетень берилади, рўйхатдан ўтиш рўйхатида эса у ифодалаётган акциядорнинг фамилияси қаршисига «__________та (сони) овоз берувчи акциялар бўйича «_____» да берилган ишончнома бўйича» деган ёзув қайд этилади ҳамда вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

3.11. Агар акция умумий мулк ҳуқуқи асосида бир нечта шахсга тегишли бўлса, бу шахсларнинг барчаси бир акциядор деб эътироф этилади ва акция билан тасдиқланган ҳуқуқлардан ўзларининг умумий вакили орқали фойдаланади.

4. Акциядорларнинг йиллик Умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш

4.1. Акциядорлар йиллик Умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўришни Кузатув кенгаш амалга оширади. Кузатув кенгаш қуйидагиларни белгилайди:

умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жойни;

умумий йиғилишнинг кун тартибини;

умумий йиғилиш ўтказиш учун жамият акциядорларининг реестри шакллантириладиган санани;

умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга ва хабар қилиш тартибини;

умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга тақдим этиладиган ахборот (материаллар) рўйхатини;

овоз бериш бюллетенининг шакли ва матнини.

4.2. Аниқ масала қўйилишини акс эттирмайдиган таърифларнинг (шу жумладан, «турли масалалар», «бошқа масалалар», «ўзга масалалар» ва шу сингари таърифларнинг) акциядорларнинг Умумий йиғилиши кун тартибига киритилишига йўл қўйилмайди.

4.3. Акциядорларнинг Умумий йиғилиши ўтказиладиган сана уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кам ва ўттиз кундан кўп этиб белгиланиши мумкин эмас.

4.4. Акциядорларнинг Умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар акциядорларнинг Умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида етти кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан ўттиз кун олдин Жамиятнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, шунингдек акциядорларга электрон почта орқали юборилади.

4.5. Акциядорлар Умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида акциядорларга хабар бериш Жамият акциядорлари реестри асосида матбуотда тегишли ахборотни эълон қилиш ва акциядорларга электрон почта орқали ёзма билдиришнома (4-иловада кўрсатилган шакл бўйича) юбориш йўли билан амалга оширилади.

4.6. Акциядорлар Умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабарда қуйидагилар бўлиши керак:

Жамиятнинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта манзили;

Умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жой;

Жамият акциядорларининг реестри шакллантириладиган сана;

Умумий йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар;

Умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга тақдим этилиши лозим бўлган ахборот (материаллар) билан акциядорларни таништириш тартиби.

4.7. Умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга тақдим этилиши керак бўлган маълумотлар (материаллар)га Жамиятнинг йиллик ҳисоботи, Жамиятнинг йиллик молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари бўйича Жамият Тафтиш комиссияси ва аудиторлик ташкилотининг хулосаси, Жамият Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар, Жамият Уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳаси ёки Жамиятнинг янги таҳрирдаги Устави лойиҳаси.

Умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга тақдим этилиши шарт бўлган қўшимча маълумотлар (материаллар) рўйхати қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланиши мумкин.

4.8. Жамият акциядорлари Умумий йиғилиши кун тартибига доир таклифлар                     (5-иловада кўрсатилган шакл бўйича) Жамиятнинг камида бир фоиз овоз берувчи акцияларига эгалик қилувчи акциядорлар томонидан, Жамият молиявий йили тамом бўлгандан кейин ўттиз кундан кечикмай юборилади. Кўрсатиб ўтилган акциядорлар, шунингдек акциядорлар йиллик Умумий йиғилиш кун тартибига масалалар киритишга ҳамда Жамиятнинг Кузатув кенгашига ва Жамият Тафтиш комиссиясига номзодлар кўрсатишга ҳақлидир, уларнинг сони ушбу органлар сон таркибидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

4.9. Акциядорлар (акциядор) Жамият Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссиясига ўзлари кўрсатган номзодлар рўйхатига акциядорларнинг йиллик Умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган санадан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ўзгартишлар киритишга ҳақли.

4.10. Акциядорлар Умумий йиғилишининг кун тартибига масала уни қўйиш сабаблари, масалани киритаётган акциядорларнинг (акциядорнинг) исми-шарифи (номи), уларга тегишли акцияларнинг сони ва тури кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда киритилади.

4.11. Жамият Кузатув кенгашига ва Тафтиш комиссиясига номзодлар кўрсатиш тўғрисида таклифлар киритилганда, шу жумладан ўзини ўзи номзод қилиб кўрсатилган тақдирда номзоднинг исми-шарифи, унга тегишли акцияларнинг сони ва тури (агар номзод Жамият акциядори бўлса), шунингдек номзодни кўрсатаётган акциядорларнинг исми-шарифи (номи), уларга тегишли акцияларнинг сони ва тури кўрсатилади.

4.12. Жамиятнинг Кузатув кенгаши тушган таклифларни мазкур Низомнинг                       4.8-бандида белгиланган муддат тамом бўлгандан кейин ўн кундан кечиктирмай кўриб чиқишга ва уларни акциядорлар Умумий йиғилиши кун тартибига киритиш ёки кун тартибига киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбурдир.

4.13. Акциядорлар (акциядор) томонидан киритилган масала акциядорлар Умумий йиғилишининг кун тартибига, худди шунингдек кўрсатилган номзодлар Жамиятнинг Кузатув кенгашига ва Тафтиш комиссиясига сайлов бўйича овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритилиши керак, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

мазкур Низомнинг4.8-бандида белгиланган муддатга акциядорлар (акциядор) томонидан риоя этилмаган бўлса;

акциядорлар (акциядор) Жамиятнинг мазкур Низомнинг4.8-бандида назарда тутилган миқдордаги овоз берувчи акцияларининг эгаси бўлмаса;

мазкур Низомнинг4.10-бандида назарда тутилган маълумотлар тўлиқ бўлмаса;

таклифлар Қонун талабларига мувофиқ бўлмаса.

4.14. Жамият Кузатув кенгашининг масалани акциядорлар Умумий йиғилишининг кун тартибига ёки номзодни Жамият Кузатув кенгашига ва Тафтиш комиссиясига сайлов бўйича овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритишни рад этиш тўғрисидаги асослантирилган қарори масалани киритган ёки таклиф тақдим этган акциядорларга (акциядорга) қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай юборилади.

4.15. Жамият Кузатув кенгашининг масалани акциядорлар Умумий йиғилиши кун тартибига киритиш ёки Жамиятнинг номзодни Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссиясига сайловлар бўйича номзодлар рўйхатига киритиш рад этилиши тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.

5. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш

5.1. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши Жамият Кузатув кенгашининг қарорига кўра қуйидагилар асосида ўтказилади:

унинг ўз ташаббуси асосида;

Тафтиш комиссиясинингёзма талаби асосида;

ёзма талаб тақдим этилган санада Жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) ёзма талаби асосида (6-иловага мувофиқ).

5.2. Жамият Тафтиш комиссиясининг ёки Жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) ёзма талабига кўра акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини ўтказиш ҳақида ёзма талаб тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай Жамиятнинг Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

5.3. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабда йиғилиш кун тартибига киритилиши керак бўлган масалалар уларни киритиш сабаблари кўрсатилган ҳолда таърифланган бўлиши керак.

5.4. Жамиятнинг Кузатув кенгаши Жамият Тафтиш комиссиясининг ёки Жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра чақириладиган акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши кун тартибидаги масалаларнинг таърифига ўзгартишлар киритишга ҳақли эмас.

5.5. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талаб акциядордан (акциядорлардан) чиққан тақдирда, бу талабда умумий йиғилишни чақиришни талаб қилаётган акциядорнинг (акциядорларнинг) исми-шарифи (номи), унга тегишли акцияларнинг сони, тури кўрсатилган бўлиши лозим.

5.6. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талаб акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақиришни талаб қилган шахс (шахслар) томонидан имзоланади.

5.7. Жамият Тафтиш комиссияси ёки Жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар)нинг акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишни чақириш тўғрисида талаб тақдим этган санадан эътиборан ўн кун ичида Жамият Кузатув кенгаши акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш тўғрисида ёки йиғилишни чақиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши керак.

5.8. Жамият Тафтиш комиссиясининг ёки Жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилиниши мумкин, агар:

акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишни чақиришни талаб қилаётган акциядор (акциядорлар) талаб берилган санада Жамиятнинг овоз берувчи акцияларининг беш фоизига эгалик қилмаса;

кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масалалардан бирортаси ҳам акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига кирмаса;

кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масала қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаса.

5.9. Жамият Кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги қарори ёки бундай йиғилишни чақиришни рад этиш ҳақидаги асослантирилган қарори йиғилиш чақиришни талаб қилган шахсларга қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай юборилади.

5.10. Жамият Кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақиришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

5.11. Жамият Кузатув кенгаши мазкур Низомнинг5.7-бандида муддат ичида акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилмаган тақдирда ёки уни чақиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган тақдирда, акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши уни чақиришни талаб қилган шахслар томонидан чақирилиши мумкин. Бундай ҳолларда акциядорларнинг Умумий йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни акциядорлар Умумий йиғилишининг қарорига кўра Жамиятнинг маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

5.12. Кузатув кенгаш фаолиятини муддатидан олдин тўхтатиш масаласи бўйича акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш учун қуйидагилар асос бўлади:

Кузатув кенгаш қарори;

Жамият Тафтиш комиссияси ёзма талаби;

талаб қўйилаётган санада жамиятнинг камида беш фоиз овоз берувчи акцияси эгаси ҳисобланган акциядор (акциядорлар)нинг ёзма талаби.

5.13. Қуйидагилар кўрсатиб ўтилган масалалар бўйича акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабларнинг сабаби ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, Уставга, акциядорлар Умумий йиғилиши қарорларига риоя қилмаслик;

Жамиятга зарар келтирганлик, акциядорларнинг мулкий ҳуқуқларига зиён етказиш, шу жумладан ишлаб чиқариш молия-хўжалик фаолиятининг жиддий ёмонлашуви, фойда ва рентабелликнинг пасайиши, ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни сотиш, ишлар, хизматлар кўрсатиш ҳажмларининг асоссиз равишда камайиб кетиши билан боғлиқ зиён етказганлик;

Жамиятнинг иқтисодий ночорлиги (банкротлиги) белгилари мавжудлиги ёки уларнинг пайдо бўлиш хавфи, давлат бюджети, ходимларга иш ҳақи тўлаш бўйича бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги барқарор қарздорлик.

5.14. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талаб Кузатув кенгашга конунчиликда ва мазкур Низомининг 5-бўлимида белгиланган тартибда берилади.

6. Умумий йиғилиш кворуми

6.1. Агар акциядорларнинг Умумий йиғилишида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказиш тугалланган пайтда Жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами эллик фоизидан кўпроқ овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, акциядорларнинг Умумий йиғилиши ваколатли (кворумга эга) бўлади.

6.2. Агар йиғилиш бошланиши учун белгиланган вақтдан сўнг олтмиш минутдан ортиқ вақт давомида кворум тўпланмаса, акциядорларнинг янги Умумий йиғилишини ўтказиш санаси эълон қилинади. Акциядорларнинг такрорий умумий йиғилишини ўтказишда кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

6.3. Агар акциядорларнинг ўтказилмай қолган йиғилиши ўрнига чақирилган такрорий Умумий йиғилишида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказиш тугалланган пайтда Жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами қирқ фоизидан кўпроқ овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, акциядорларнинг такрорий Умумий йиғилиши ваколатли бўлади.

6.4. Акциядорларнинг такрорий Умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида хабар қилиш Қонуннинг 62-моддасиданазарда тутилган муддатларда ва шаклда амалга оширилади.

6.5. Кворум бўлмаганлиги сабабли акциядорларнинг Умумий йиғилишини ўтказиш санаси йигирма кундан кам муддатга кўчирилган тақдирда, Умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар ўтказилмай қолган Умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг реестрига мувофиқ аниқланади.

7. Умумий йиғилишнинг ишчи органлари

7.1. Қуйидагилар Умумий йиғилиш ишчи органлари лўйидагилар ҳисобланади:

Умумий йиғилиш Раиси;

Котиб;

Саноқ комиссияси.

7.2. Акциядорларнинг Умумий йиғилишини Жамият Кузатув кенгашининг Раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, Жамият Кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради (Умумий йиғилиш Раиси ҳисобланади).

7.3. Акциядорлар Умумий йиғилиши Раиси йиғилиш олиб борилишини таъминлайди ва бунинг учун у ўз вазифаларини зарур тартибда бажарилиши учун зарур бўлган барча ваколатларга эга бўлади.

7.4. Умумий йиғилиш Раиси йиғилишнинг боришига раҳбарлик қилади, Умумий йиғилиш ишчи органлари ишини мувофиқлаштиради, масалаларни муҳокама қилиш тартибини белгилайди, маърузачиларнинг нутқ сўзлашлари вақтини чегаралайди, йиғилишни олиб бориш ва овоз бериш давомида тушунтиришлар беради, залда тартиб ўрнатилишини назорат қилади.

7.5. Умумий йиғилиш Раиси Умумий йиғилиш баёни ва қарорини имзолайди.

7.6. Умумий йиғилиш котиби қуйидаши вазифалар кирди:

Умумий йиғилишнинг боришини баёнга қайд этиб боради;

ёзма буюртманомалар бўйича йиғилиш кун тартиби масалаларини муҳокама қилишда қатнашиш истагини билдирувчилар рўйхатини олиб боради;

Умумий йиғилиш тамом бўлгандан сўнг ўн кундан кечиктирмай акциядорлар Умумий йиғилиши баёнини икки нусхада тузади.

7.7. Овозларни ҳисоблаб чиқиш, акциядорлар Умумий йиғилишида қатнашиш учун акциядорларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек овоз бериш учун бюллетенлар бериш учун ва акциядорлар Умумий йиғилишини ўтқазиш учун бошқа вазифаларни Саноқ комиссияси томонидан амалга оширилади.

7.8. Саноқ комиссияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш масаласида мустақил иш кўрувчи йиғилишнинг ишчи органи ҳисобланади ва Жамият Кузатув кенгаши томонидан Саноқ комиссияси тузилиб, унинг аъзолари сони ва шахсий таркиби акциядорларнинг Умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

7.9. Жамият Саноқ комиссияси ўз ишини қонунчилик, Жамият Устави ва акциядорларнинг Умумий йиғилиши қарорлари билан тасдиқланган акциядорларининг Умумий йиғилиши ҳамда Саноқ комиссияси томонидан тўғрисидаги низомлар асосида амалга оширади.

8. Умумий йиғилишни олиб бориш тартиби

8.1. Акциядорлар Умумий йиғилишини олиб бориш тартиби акциядорларнинг ҳар бир Умумий йиғилишида мазкур Низомга мувофиқ тасдиқланади.

8.2. Кузатув кенгаш Раиси Умумий йиғилишнинг Раёсатини (керак бўлганда) ва котибини сайлашни таклиф этади.

8.3. Умумий йиғилишни олиб бориш тартиби йиғилишнинг бошланиши ва тахминан тамом бўлиши вақтини, нутқлар қанча давом этиши ва танаффусларни, кун тартиби масалаларининг изчиллигини, кун тартиби масалалари бўйича маърузачиларнинг фамилиялари ва лавозимларини, овоз беришни амалга ошириш ва унинг натижаларини эълон қилиш тартибини назарда тутади.

8.4. Йиғилиш давомида пайдо бўлувчи жорий масалаларни раис муҳокама қилинаётган масала бўйича акциядорлар Умумий йиғилишида бош принципдан: ҳар бир қатнашчининг белгиланган вақт доирасида сўзга чиқиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлигидан келиб чиқиб яккабошчилик билан ҳал этилади.

8.5. Кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишда қатнашиш истагини билдирганлар Умумий йиғилиш котибига муҳокама қилинадиган масалани кўрсатган ҳолда буюртманома берадилар.

8.6. Кун тартибининг барча масалалари муҳокама қилингандан кейин Раис акциядорлар Умумий йиғилишини ёпиқ деб эълон қилади.

9. Акциядорлар Умумий йиғилиши баёни

9.1. Акциядорлар Умумий йиғилишининг баённомаси акциядорларнинг Умумий йиғилиши ёпилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай икки нусхада тузилади. Ҳар иккала нусха ҳам умумий йиғилишда раислик қилувчи ва умумий йиғилиш котиби томонидан имзоланади.

Акциядорлар Умумий йиғилишининг баённомасида:

акциядорларнинг Умумий йиғилиши ўтказилган сана, вақт ва жой;

Жамиятнинг овоз берувчи акцияларига эгалик қилувчи акциядорлар эга бўлган овозларнинг умумий сони;

Умумий йиғилишда иштирок этган акциядорлар эга бўлган овозларнинг сони;

Умумий йиғилишнинг раиси ва котиби, йиғилиш кун тартиби кўрсатилади.

9.2. Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомасида маърузаларнинг асосий қоидалари, овозга қўйилган масалалар ҳамда улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари, йиғилиш қабул қилган қарорлар кўрсатилиши лозим.

10. Акциядорлар Умумий йиғилиши қарорларини бажариш

10.1. Акциядорлар Умумий йиғилиши қарорлари бажарилиши устидан назорат қилишни, башарти йиғилиш қарорида ўзгача ҳол қайд этилмаган бўлса ва баёнда акс эттирилмаган бўлса, Жамият Кузатув кенгаши амалга оширади.

 

10.2. Акциядорлар Умумий йиғилишининг қарорлари Умумий йиғилишда ҳозир бўлган, шунингдек ҳозир бўлмаган барча акциядорлар томонидан, уларга тегишли қисми бўйича бажарилиши мажбурийдир.

Онлайн опрос

Как Вы оцениваете деятельность АО «Toshkent qishloq xo’jalik mahsulotlari ulgurji bozori»?

Подписаться на рассылку

За 2024 год поступило обращений:
Устные обращения 1
По телефону / факсу 2
Через корпоративный сайт / эл. почту 1
Посредством Единого портала интерактивных гос. услуг 1
Другими способами 0
Всего: 5
Находятся на рассмотрении: 1
Ответ отправлен: 4
Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech